Қайднома

Қидирув

Дракслер вақти

01.09.2016 22:59
1475

Маълумки, тез орада ёзги трансферлар дарчаси ёпилади. Биз шу пайтгача футболчиларнинг клубларни алмаштириши борасида кўплаб воқеаларга, бир қатор трансфер рекордларининг янгиланишига гувоҳ бўлдик. Аммо негадир кўпчилик кутган бир ҳодиса рўй бермаяпти - «Вольфсбург» ярим ҳимоячиси, улкан истеъдод соҳиби, Германия терма жамоаси аъзоси Юлиан Дракслерга боғлиқ маълумотлар ўзгармай турибди. Ваҳоланки, Евро-2016нинг 1|8 финалидан ўрин олган Германия-Словакия учрашувидан сўнг айнан Дракслер ёзги трансферлар вақтида кўплаб гранд клублар учун «асосий нишон»га айланиши кутилганди.

Кутилмаган жароҳат

Аслини олганда, Юлиан Франция­да ўтган Европа чемпионатидан бенасиб қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Сабаби, Дракслер шу йилнинг 14 апрелида, ЕЧЛ 1|4 финал босқичининг «Реал»га қарши ўйинида жуда жиддий жароҳат олди - унинг сон мушаклари узилиб кетди. Дастлабки текширувлардан сўнг у камида икки ҳафта майдонга туша олмаслиги айтилганди. Бироқ вазият шуни кўрсатдики, бу муддат икки ойгача чўзилиши ҳам мумкин экан. Энг ёмони, Европа чемпионати учун «заявка» топшириш муддати якунланишига атиги 30 кун қолганди...

Яхшиямки, ярим ҳимоячи қисқа фурсатларда соғлиғини тиклай олди. Аниқроғи, у май ойининг бошида якка тартибдаги машғулотларга киришди, ойнинг 14-санасига келиб эса «Вольфсбург» сафида «Штутгарт»га қарши ўйинда таркибга киритилди. Энг муҳими, у маълум муддат ўйин амалиётисиз қолганига қарамай, шу ўйинда кўнгилдагидек ҳаракат қилиб, битта голга ҳаммуаллифлик қилди. Оқшомда эса Юлианни хушхабар кутарди - у Йоахим Лёвнинг Францияга олиб борадиган футболчилари рўйхатига кирганди! Худо кўрсатмасин, даволаниш яна икки-уч кунга чўзилганида, ким билади дейсиз, Euro-2016 Дракслер учун армонга айланиб қолармиди?..

Чунончи, жароҳатлар ҳозиргача ҳам Юлианни жонидан тўйдирди. Тўғри, у сентябрь келса, эндигина 23 ёшга киради. Бироқ унинг фаолияти шундай кетмоқдаки, худди у қачонлардан бери ҳаммага таниш-у, аммо сира тараққиёт сари дадил қадам ташламаётгандек.

Магатнинг сўнгги совғаси

«Шалке» устозлигига «Темир Магат»нинг олиб келиниши клубга кўп нарса бергани йўқ - жамоа Феликс Магат қўли остидаги биринчи мавсумда чемпионатнинг кумуш медалларига эга чиқди, холос. Кейинги мавсумнинг ўрталарида эса Феликсни сирли равишда ишдан бўшатиб юборишди. Айтишларича, у клубнинг директорлар кенгаши билан келиша олмаганмиш...

Хуллас, нимаики бўлмасин, қаттиққўл Феликс Магат ҳатто клубдан кетаётган чоғида ҳам «Шалке» мухлисларига сўнгги совғани бериб кетишга улгурди - 2011 йилнинг январида ҳали жуда ёш бўлган Дракслерни қўрқмай майдонга туширди. Муҳими, бу қарор - мутахассиснинг фақат ўзигагина тегишли бўлиб, Юлианни «Шалке»нинг энг ашаддий ишқибозлари ҳам ҳали яхши танишмасди.

Бироқ у 2010 йилги мавсумнинг иккинчи ярмида клубнинг ёшлар жамоасида 12 ўйин ўтказиб, 8та гол урган ва бу билан Дортмунднинг «Боруссия»си эътиборини ўзига қаратиб қўйганди. Аниқроғи, клуб вакиллари Дракслерни «илиб кетиш» режасини тузишга киришишди. Лекин «Темир Магат»ни доғда қолдириб бўлармиди?! Феликс дортмундликларнинг ниятидан хабар топгач, биргина имо билан 17 яшар ўсмирни асосий таркиб машғулотларига жалб қилди. Уни Туркиядаги қисқа муддатли йиғинга олиб кетди ва футболчи у ердан уч йилга мўлжалланган янги шартнома билан қайтди. «Боруссия» эса тилини тишлаб қолаверди...

Учинчи ўйиндаги супергол

Шундай қилиб, Юлиан бундеслигадаги клубнинг тўлақонли аъзосига айланиб қолди. Ваҳоланки, у ҳали мактабни ҳам тамомламаганди. Дарвоқе, немис ОАВининг маълумотларига кўра, Феликс Магат Дракслер билан суҳбатда унга мактабдаги таълимни вақтинча тўхтатиб туришни маслаҳат берган экан. Йигитча қайсидир лаҳзаларда бунга рози бўлиб, интервьюларида мактабни кейинроқ тугатиб олишни ўйлаётгани ҳақида гапириб юборди. Бу фикр эса табиийки, Германиядаги энг таниқли футбол шахслари, шу жумладан, Беккенбауэр ва Лёвларга асло ёқмади. Шу тариқа, қарор бекор қилинди...

Қизиғи шундаки, ўрта мактаб таълимига оид бу можаро қизиётган бир пайтда Юлианнинг спортдаги ишлари бир текис давом этарди. Юқорида айтганимиздек, у 2011 йилнинг 15 январида бундеслиганинг «Гамбург»га қарши ўйинида захирадан майдонга тушиб, «Шалке»нинг шахсий рекордини ўрнатди. Чунончи, унгача ҳали ҳеч ким 17 ёшу, 117 кунлигида асосий таркибда, расмий ўйинда майдонга тушмаганди. Орадан бир ҳафта ўтгач, у бошланғич таркибга киритилиб, «Ганновер»га қарши тўп сурди ва илк бор гол билан якунланган самарали ҳужумда қатнашди. Шундан сўнг мухлислар Юлианнинг исмига кўника бошлашди. Таъкидлаш лозим, йигитча чиндан ҳам, ёшига номуносиб равишда хотиржам, ақл билан тўп сурарди.

25 январга келиб, Дракслер ҳаётида илк бор ҳақиқий шон-шуҳрат, ишқибозлар меҳри қандай бўлишини ўзида синаб кўрди. Гап шундаки, ўша куни «Шалке» Германия кубогининг 1|4 финал босқичида «Нюрнберг» билан куч синашиши лозим эди. Ўйиннинг асосий вақти 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунлангач, қўшимча бўлимларга старт берилди. Аммо 15 дақиқадан давом этадиган бу бўлимлар ҳам «Шалке»га ёрдам бера олмади. Вақт эса ўтиб борар, тез орада пенальтилар сериясига навбат бериладигандек туюларди...

Лекин 116 дақиқада «Темир Магат»нинг тоқати тоқ бўлди ва у ёш Дракслерни захирадан майдонга туширди. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас, Дракслер узоқ масофадан рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди ва жамоасига ўта муҳим ғалабани туҳфа қилди. Худди шу лаҳзалар, бу биринчи гол ва зарбанинг мукаммал ижроси Юлианни порлоқ келажак кутаётганидан дарак берарди. Германия кубоги эса охир-оқибатда, «Шальке»га насиб қилди. Эътиборлиси, бизнинг қаҳрамонимиз финални ҳам «қуруқ» ўтказмай, «Дуйсбург» дарвозасига сўнгги, бешинчи тўпни жойлаб қўйди - 5:0.

Умидларга ундаган EURO-2012

Муҳими шундаки, Юлианнинг катта саҳнага чиқиши қанчалик кутилмаган бўлса, унинг кейинги ишлари ҳам шундай жадаллик билан ривожланиб бораверди. Жумладан, Дракс­лер асосий таркибдаги илк мавсумда 15 та ўйинда иштирок этди. Шунинг­дек, ЕЧЛда ҳам дебютини нишонлади. Йигитчанинг омадини қарангки, Магат унга қандай ишонган бўлса, Феликсдан кейин бошқарувни қўлга олган Ральф Рангник ҳам, Хуб Стивенс ҳам ва ҳатто, ёшларга унчалик эътибор қаратавермайдиган Йенс Келлер ҳам Юлианни бошланғич таркибга киритиб келди. Хуллас, катта футболдаги иккинчи мавсумда Дракслер «асосий»дан муқим ўрин эгаллаб, 18 ёшидаёқ бундеслиганинг 30 дан ортиқ ўйинларида қатнашди. Табиийки, бундай кўрсаткичлар ҳеч кимни, шу жумладан, Германия терма жамоаси устози Йоахим Лёвни ҳам бефарқ қолдирмасди. Қизиғи шундаки, Юлиан илк бор терма жамоа кўригига чақирилганида, у мактабда, дарсда ўтирганди. Шу боис, федерациянинг дастлабки қўнғироқларига жавоб бера олмади. Тасаввур қилинг, дарсдан чиққан йигитча ўтказиб юборилган қўнғироқлар рўйхатида «Бундестим» қароргоҳи рақамини кўриб қолади... Хуллас, Дракслер Лёвнинг Euro-2012 учун кенгайтирилган рўйхатига киритилди ва ҳатто май ойида Швайцарияга қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинида қисқа муддатга бўлсада, майдонга туширилди. Тўғри, ажойиб кўрсаткичларга қарамай, у Польша ва Украинага йўл олган якуний таркибга киритилмади. Бироқ худди шу турнир йигитча учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилди. Яъни, Юлиан тушундики, агар астойдил ҳаракат қилса, у терма жамоада ҳам ўз ўрнини топади албатта...

Эҳтимол, шу сабаб бўлдими, мавсум-2012|2013 Дракслер ҳаётидаги энг омадли мавсумга айланди. У ўйин­лар давомида ярим ҳимоячи учун ниҳоятда яхши бўлган 10 голга муаллифлик қилиб, яна беш марта шерикларини қулай узатмалар билан таъминлади. Энди унга барча келажаги порлоқ ёш футболчи эмас, воя­га етган етакчидай қарай бошлади. Ҳаттоки, «Шальке»нинг рамзига айланиб улгурган Нойернинг «Бавария»га ўтиб кетиши ҳам жамоа ишқибозларини унчалик хафа қилмади. Зеро мухлислар тез орада Дракслернинг вақти келишига ишонишарди.

«Реал» ва «МАН.СИТИ»га рад жавоби

Бу орада эса табиийки, Юлиан Дракслерга Европанинг энг кучли жамоалари қизиқа бошлашди: Англиянинг етакчи клублари, «Реал», «ПСЖ», «Бавария» ва албатта, «Боруссия».

Ярим ҳимоячининг ўзи эса тинмай мухлисларга далда берарди: «Мен, «Шальке»даги аксарият йигитлар каби, жамоамни ҳеч қачон ташлаб кетмайман. Toten Hosen гуруҳининг қўшиғини ёдда тутинг: «Ҳеч қачон «Бавария» учун тўп сурмайман», - дерди Юлиан. Яна шуларни ҳам қўшиб қўярди: «Дорт­мунднинг «Боруссия»си ҳам мени қизиқтирмайди. Миямни бошқатдан дастурлаб қўйишмаса, албатта».

«Реал» ва «Манчестер Сити»лар таклифи эса йигитчани жуда қийнаб қўйди. Мазкур таклифлар етиб келган вақтда Дракслер таътилда эди. Футболчининг айтишича, у баъзан кечаси билан мижжа қоқмай, мазкур таклифлар ҳақида ўйлаган экан. «Бу қарорни қабул қилиш жуда оғир эди. Чунки бундай таклифни яна оламанми-йўқми - номаълум, - ҳикоя қилади Юлиан. - Бироқ мен якунда қалбимга қулоқ тутдим ва «Шальке»да қолдим».

Янги жароҳатлар ва рекордлар

 

Дракслер ўшанда тўғри қарорга келганми-йўқми, айтиш қийин. Лекин бош­қа нарса аниқ - шундан кейинги икки мавсумда Юлиан ривожланишдан тўхтаб қолди. Тўғрироғи, бирин-кетин орттирилган жароҳатлар туфайли йигитча икки мавсумда деярли 30тача ўйинда иштирок этолмади. Бу эса табиийки, Юлианда ортиқча босим ҳисси юзага келишига сабаб бўларди. Футбол жамоатчилиги Дракслер тезроқ аввалги даражасига чиқиб олишини кутар, аммо майда-чуйда жароҳатлар унинг барқарор тўп суришига имкон бермасди. Бироқ энг муҳими - ярим ҳимоячи бир илож иқилиб, майдонга чиққанида, ўйин амалиётисиз қолганини асло сездирмасди. Шу тариқа, Дракслер бирин-кетин шахсий рекорд­ларни ўрнатаверди. Масалан, у 2014 йилнинг май ойида бундеслига тарихида 100та ўйинда иштирок этган энг ёш футболчига айланди. Орадан бир ҳафта ўтганидан кейин эса Юлиан Польша термасига қарши ўртоқлик ўйинида билагида сардорлик боғичи билан тўп суриш бахтига муяссар бўлди. Эътибор беринг, Германия терма жамоасининг ўша кунги сардори эндигина 20 ёшу, 265 кунлик (!) бўлганди. Дракслер, шунингдек, бундестим сафида ЖЧ-2014га бориб, чемпионга айланди. Лекин у фақат Бразилияга қарши ўтган ўша машҳур ўйиннинг охирги 15 дақиқасидагина майдонга туширилди, холос.

Шунга қарамай, Юлианнинг фаолиятида кутилганидек кўтарилиш бўлмади. Икки йилча олдин эса Дракс­лер немис футболининг бош­қа юлдузлари - Гётце, Шюррле, Кроос­лардан кўра тезроқ танилиши тахмин қилинганди.

Босимдан қочиш

Энди Юлианнинг ҳаётида ниманидир ўзгартириш керак эди. Шу боис Дракслер руҳий босимдан чарчаб, «Шальке»ни тарк этишга қарор қилди. Футболчининг қаршисида «Ювентус»ни танлашдек имконият турарди. Лекин у ўзини ҳали бошқа чемпионат учун етарли даражада тажрибали ҳисобламагани учун бундеслигада қолиб, «Вольфсбург»га ўтди.

Тўғри, бу клуб аслида «кумуш товоқ» учун курашадиган даража кучли эмасди (якуний жадвалда атиги 8-ўрин) ва Юлиан ҳам мослашиш жараёнида маълум қийинчиликларга дуч келди. Бироқ у энди ортиқча босимдан халос бўлганди. Қолаверса, Дракслерга яна ЕЧЛда ўйнаш имкони қайтди ва «Реал»га қарши ўтган илк учрашувда фантастик ҳаракат қилди. Бир сўз билан айтганда, «Вольфсбург» уни ёрқин келажакка элтадиган ўша «эски из»га тушириб қўйди.

Дракслер ўзининг майдонни кўра олиш қобилияти, ажойиб техникаси, тезлиги, ҳар иккала оёқда бериладиган кучли зарбаси, чидамлилиги ва универсаллиги билан ҳамон гранд клублар эътиборида турибди. Шубҳа йўқки, тез орада у ўзига муносиб жамоа топади.

Буёғи қандай бўлади?

Энди Дракслер қаршисида ягона вазифа қолди - ундан кутилган умидларни оқлаш. Фақат, бунинг учун у тезроқ бундеслига даражасидан ўтиб, янада кучлироқ чемпионат ва янада кучлироқ клубдан муқим ўрин эгаллаши лозим. Европа чемпионатининг Германия-Словакия баҳсидан кейин (Дракслернинг ҳужумдаги ҳаракатлари ва голини ёдга олинг) у билан шахсан Жозе Моуриньо ва унинг «МЮ»си қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ «Беназир» ҳалигача жим... Ким билади дейсиз, эҳтимол, трансферлар дарчасининг сўнгги сонияларида Юлианнинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборишга қодир янгилик юз берар? Шунга умид қиламиз. Зеро Юлиандек улкан иқтидор соҳиби жаҳон даражасидаги юлдузга айланолмаса, яхши иш бўлмайди...

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz