Қайднома

Қидирув

РОМАНТИК... МАЭСТРО… ВЕНТУРА!

07.08.2016 14:45
1258

Италия терма жамоасига янги мураббий тайинланди - Жампьеро Вентура. Хўш, «Скуадра адзурра» нега айнан шу мутахассисни танлади? У итальянлар билан муваффақиятларга эриша олармикан? «СЭ» мана шу саволларга жавоб топишга уринди.

ТАЖРИБАЛИ

Жампьеро Вентура футболга жуда яқин одамлар яшайдиган шаҳар - Генуяда туғилиб, вояга етган. У эндигина спортга қадам қўйган кезлари шаҳарда «Сампдория» ва «Женоа» ўртасидаги азалий рақобат руҳи ҳукм­рон эди. Вентура «Сампдория»ни танлади ва айнан шу клуб мактабида таҳсил ола бошлади.

Тан жароҳати олиши сабаб қаҳрамонимизнинг ўйинчилик фаолияти узоққа чўзилмади, аммо футболни тарк этиш осон эмасди. Дастлаб Жампьеро «Сампдория» ёшлари билан ишлади, сўнгра катталар жамоасини шуғуллантираётган мутахассисга кўмаклашди. Кейинчалик эса, ақлли мураббийларнинг оддий йўлидан борди: ёрдамчи сифатида тажриба тўплаган Вентура мустақил фаолият юритиш мақсадида қадрдон Лигурияга йўл олиб, у ерда турли ҳаваскор ва профессионал клубларни бошқарди.

МЕҲНАТКАШ

Оддий ҳаёт тарзи давом этаркан, Вентура ногоҳ «футболчиларни шуғуллантираётгани, аммо мураббий сифатида ишламаётгани»ни тушуниб етди. У фаолият юритаётган клубларда юқори мақсадлар бўлмагани шунга туртки бўлган чоғи, 1989 йилга келиб «Пистоезе»дан тушган таклифни қабул қилди. Бу пайтга келиб мазкур жамоа учинчи дивизионда иштирок этгани ҳолда ўн йиллик танаффусдан сўнг «А» серияга қайтишни орзу қиларди. Ушбу клубда Вентура айнан «мураббий сифатида ишлаш»га киришди. Ўз йўлини танлади - коммуникациялар ва ўйинчиларга мулойим муносабатда бўлиш асосида ажойиб жамоа шакллантиришга бел боғлади.

Максимал ишонч ва мақсадлар аниқлиги ўз мевасини берди: «Пистоезе» мазмунли ва самарали ўйин намо­йиш эта бошлади. Вентуранинг шогирдлари билан самимий муносабатда бўлишини инобатга олсак, ҳеч бир футболчи унинг қўл остида ўзини ноқулай сезмасди. Тўғри, «Пистоезе» натижалари билан мақтана олмасди, аммо жамоа ҳақиқий футбол намойиш этаётганди. Мураббийлик ишининг туб моҳиятини англаб етган Жампьеро эса ўз принципларига қатъий таянишни маъқул кўрди. Шу боис, у ишлаган клублар жўшқин ва мазмунли ўйин намойиш этишарди.

СЕРЗАВҚ

Бу каби фалсафага эга ўйин кўрсатиш учун юксак даражадаги ижрочиларга эҳтиёж сезилиши табиий. Вентура қўл остида шундай футболчилар тўп суришни бошлашгач, унинг жамоаси кўпчиликнинг назарига туша бошлади: «Бари» ва «Торино» Жампьеро бошчилигида ўта томошабоп ўйинлар намойиш этишди.

Вентура «Бари» бош мураббийи этиб тайинлангач (эътиборлиси, ундан аввал ушбу лавозимда Антонио Конте ишлаган), «Ишга завқ билан киришаман», деганди. Унинг эҳтирослари шу қадар жунбушга келдики, оқибатда жамоа ўша мавсумда омадсиз иштирок этди ва келгуси йили «В» серияга равона бўлди. Аммо «Бари»нинг мазмунли ўйинлар билан «А» серияда ўнинчи ўринни эгаллагани тарихда қолди.

Муваффақиятсизлик Вентурани чўчитмади, кейинги иш жойида ҳам ўз қоидаларига содиқ қолди. Қуйи дивизиондан элитага йўл олган «Торино» дастлабки мавсумни таркибни мустаҳкамлаш ва «тозалов ишлари»га сарфлади. Кейинги чемпионатда эса бутун Италияни ўзига ром қилди - Дармиан, Черчи, Глик ҳамда бошқа ақлли ва қизиққон йигитлар ўз ўйинлари билан мухлисларга завқ-шавқ улашишди. Ҳа, мағлубиятлар келганда сабр қилишга тўғри келди, аммо бошқа ўртамиёналардан фарқли ўлароқ, фаворитларга қарши баҳс­ларда «Торино» ёрқинроқ кўринди.

УМИДСИЗЛИКДАН ХОЛИ

Аксарият мураббийлар бир хил талаб қўйишади: «Менга кучли ўйин­чиларни беринг, шунда натижалар ҳам яхшиланади!» Бу фикрга қўшилиш мумкин, фақат... бир шарт билан: ўша мутахассис «Ушбу футболчилар келишса, натижалар яхшиланиши учун сиз нима иш қиласиз?» деган саволга жавоб бериши лозим. Хусусан, Вентурада бунга жавоб бор. Антонио Контедан сўнг унга ажо­йиб жамоа мерос қолди, шунга яраша ички илиқ муҳит ҳам. Германия термасига қарши кечган ўйиндаги омадсиз пенальтилар сериясидан сўнг шу муҳитни сақлаб қолиш жуда муҳим.

Бу айнан Вентура уддалайдиган иш - унинг қўл остидаги футболчилар муваффақиятсизликдан сўнг тушкунликка тушишмайди, ўз имкониятларидан яхши хабардор бўлганлари ҳолда келажакка оптимистик руҳда қарашади. Терма жамоада бундай имконият янада кўпроқ эканини инобатга олсак, натижа ҳам ўзини кўп куттирмаслиги мумкин.

Вентура кўп йиллар мобайнида ўз тажрибасида ўта эҳтиёткор 4-4-2 схемасини синовдан ўтказди, зарур паллада икки қанот ярим ҳимоячисини олдинга суриш орқали ҳужумни кучайтиришга эришди. Якунда эса уч ҳимоячи билан ўйнаш қизиқроқ, деган хулосага келиб, «Торино»да ҳозирда урф бўлган 3-1-4-2 тактикасини қўллашни йўлга қўйди. Туринликлар айнан мана шу услуб ёрдамида Европа Лигасининг 1|8 финалига қадар етиб боришди, турнир давомида очиқ ва самимий ўйин кўрсатдилар.

ПРОГРЕССИВ

Вентура қўл остидаги футболчиларни тўп билан муомала қилиш чоғида позицияни алмаштиришга чақиради. Эҳтимол, бу услуб бироз таваккалдир, аммо ҳужумда ранг-баранглик пайдо бўлиши аниқ: Жампьеро жамоаларидаги ҳимоячиларнинг олдинги чизиқда уюштирадиган рейдлари - оддий ҳол.

Вентура ёшлар билан ишлашни билади (унинг кашфиётлари орасида Бонуччи ва Раноккиа бор), қолаверса, тўп билан тўғри муомала қилишни биладиган ҳимоячиларни яхши кўришини билдирган. Шу боис, катеначчонинг реставрация қилинишидан ҳадиксираш ўринсиз. Бунга сўнгги Европа чемпионатидаги Франция термасини мисол қилиб келтириш мумкин: тўп йўқотилиши ҳамоно бутун жамоа ортга қайтди. Жампьеронинг таъкидлашича - бу замонавий футболнинг ажралмас қисми.

КЕРАК!

Кадрлар сиёсатига келсак, у бош­қарадиган терма жамоа эшиклари барча учун очиқ. Мисол учун, Пелле ва Заза немисларга қарши кечган баҳсдаги пенальтилар сериясида адашдилар, аммо мазкур ҳолат Вентурани заррача ранжитмаган, бундай вазиятлар футболчиларни янада кучайтиришига унинг ишончи комил. Демак, Заза ва Пелле миллий жамоага жалб этиладилар.

ЖЧ-2018 саралаш босқичида италь­янлар Испания термасига тўқнаш келадилар. «Қизил фурия»ни қандай енгиш кераклигини улар уч ой ичида унутишмаса керак. Бундан кўринадики, Вентуранинг ихтиёрида ҳар қандай рақибни мағлубиятга учратишга қодир жамоа бор, қолаверса, футболчиларнинг ўзаро муносабатлари, ички муҳит ҳам аъло даражада.

Хуллас, «мовий гвардия»га Вентура керак. Ҳар ҳолда, юқорида қайд этилган маълумотлар шунга ишора қилмоқда.

 

ЦИТАТА

* «Вентура - футбол маэстроси».

Карло ТАВЕККЬО, Италия футбол федерацияси президенти.

* «Мен - футболдаги сўнгги романтиклардан бириман».

Жампьеро ВЕНТУРА, Италия терма жамоаси бош мураббийи.

 

ФАКТЛАР

* «Торино» айнан Вентура бошчилигида сўнгги 20 йил мобайнида илк бор Турин дербисида ғалаба қозонди.

* Вентура ҳозирга қадар Италия ташқарисидаги жамоаларни бош­қармаган.

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz