Қайднома

Қидирув

ЗИДАННИ РОМ ЭТГАН ИҚТИДОР

11.08.2016 10:10
2005

Франция мезбонлигида ўтган Евро-2016 томошабинларни ўзига жалб этган паллада клуб селекционерлари ишлари билан банд бўлишди. Топ футболчилар «кўҳна қитъа» чемпионати ва Копа Америка муаммоларини ҳал қилиш мақсадида маълум муддат танаффус олишгани туфайли скаутлар диққати ёш иқтидорларни излашга қаратилди. «Барса» бразилиялик келажаги порлоқ марказий ҳимоячини ижарага олди, «Лион» Жанубий Американинг энг истеъдодли ҳимоячиларидан бирига эга бўлди, «Боруссия» ўз сафини туркиялик футболчи эвазига тўлдирди... Мадриднинг «Реал» клуби ҳам воқеалар ривожидан четда қолишни истамаган чоғи, парагвайлик вундеркинд - Серхио Диас билан шартнома имзолади.

 

1998 йилда туғилган футболчи 16 ёшида Парагвай примераси ҳимоячиларини анча қийин аҳволга сол­ган. Уни ўз мамлакатида ўтган мавсум Ла-Лигада 11та гол урган Санабриядан ҳам иқтидорлироқ деб билишади, Парагвайнинг келажаги сифатида тилга олишади.

Диас тўқимачилар пойтахти - Итаугуада туғилган. Футболга етти яшарлигида кириб келган Серхио ўн ёшга тўлганида Парагвайнинг энг кучли клубларидан бири ҳисобланган «Серро Портеньо» академиясига қабул қилинди. У таваллуд топган шаҳар Асунсьондан унча йироқ эмасди, аммо 10 ёшли болакай учун шу масофанинг ўзи ҳам узоқлик қиларди. Натижада, фарзандларининг иқтидорига ишонган ота-она пойтахтга кўчиб ўтишни лозим топишди.

U-15 жамоасига қўшилган форвард ҳар жабҳада шерикларидан ажралиб турарди. Ярим йил мобайнида мамлакат ёшлар биринчилигида 33та гол урди. Ўша кезлари ёшларга устозлик қилган Диего Гавилан бу футболчини тезроқ асосий жамоага ўтказиш кераклигини кўп таъкидлаган. Серхионинг дебюти ўзини узоқ куттирмади. Йигитча катталар футболидаги фаолиятини 16 ёшида бошлади. Қандай бошлагани эса алоҳида мавзу: 20та ўйинда 8та гол ва «парагвайлик Агуэро» ҳақида бутун Жанубий Америка бонг урди.

Кучли томонлари

Диаснинг техникаси юқори, тўп билан енгил ва ишончли муомала қилади. Аксарият голларини қойилмақом дриблинглардан сўнг урган - анча эпчил бўлгани туфайли бир-икки ҳимоячини бемалол алдаб ўтади. Серхио - ҳаракатларини кузатиш мароқли бўлган футболчилардан бири: жозибали ўйинлари туфайли унинг иштирокидаги учрашувлар мухлислар ёдида узоқ вақт сақланиб қолади.

Бошланғич тезланиши ажойиб, юқори тезликда тўпни ўзида ушлаб туриши таҳсинга сазовор. Узатмаларни қабул қилиш, йўналишни ўзгартириш ва дарҳол тезлашиш бўйича камчиликлардан холи. Одатда, унча чаққон бўлмайдиган марказий ҳимоячилар учун бундай ҳужумчини тўхтатиш қийинчилик туғдиради.

Шунингдек, Диаснинг ҳар икки оёқда бир хил зарба бера олиши (гарчи чап оёғидан кам фойдаланса ҳам) ва олдиндаги фаоллиги ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Серхио тўпсиз ўйнашда фаол, рақибга прессинг ишлатади, ҳамиша бўш ҳудудлар топишга интилади.

Кучсиз томонлари

Бўйи унчалик баланд эмас (бор-йўғи 170 сантиметр), сакраш борасида ҳам мақтана олмайди. Шу боис ҳаводаги курашлар чоғида рақибга хавф туғдирмайди. Айниқса, ўз жарима майдончаси ичида «иккинчи қават»даги баҳсда енгилмас футболчиларга эга Европада бу камчилик панд бериши эҳтимолдан холи эмас. 18 ёшга тўлган Диас катталар футболида учта мавсум ўтказишга улгурган бўлса, шу давр мобайнида фақат бир марта бош билан тўп киритган.

Қолаверса, Серхио тўпни олиб қўйиш ва ҳимоявий ҳаракатларда кучсиз. Рақиб ҳимоячиларига нисбатан прессинг ишлатишда фаол, аммо ўз жарима майдончасида унчалик фойда келтирмайди. Диас бу борада ишлаши лозим, чунки ҳозирча мудофаадаги ишлардан озод этиладиган футболчилар даражасига чиққанича йўқ. Майдонда ҳимояга қайтмайдиган футболчиларнинг кўплиги эса «Реал»дек жамоа учун ҳам катта таваккалга тенг.

Ўйин услуби

Сўнгги мавсумда мураббийлар иқтидорли форвардни бироз орқароқдаги чизиқларда, қанотларда ва ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида синаб кўришди. Серхио тўпни кўпроқ пастда ушлаб туришни хуш кўради, шу тариқа, ҳимоячиларни алдаб ўтиш имконияти ошади. Майдонни кўра олиш хусусиятига эга, нозик «пас»лари рақиб мудофаасини ёриб ўтишда асқотади. Унинг учун бироз орқароққа қайтиб ўйнаш маъқулроқ.

Ютуқлари

* Парагвай суперкласикосида гол урган энг ёш футболчи

* 2014 йили Парагвай чемпионати кашфиёти

* 2015 йили Парагвай чемпионатининг энг яхши ёш футболчиси

* Тулон фестивали-2016 кашфиёти

* 18 ёшида - катталар даражасида 70та ўйин ўтказиб, 16та гол урган

Эҳтимол, жаҳон футболи Серхио Диас трансферидан бехабар қолгандир, аммо бу янгилик Парагвайда катта шов-шувга айланди. Маҳаллий ОАВ ёш ҳужумчини эътироф этиш бўйича мусобақалашишди. Ҳаттоки, мазкур воқеани Парагвай футболи тарихидаги энг яхши трансфер, деб баҳолашди, Серхионинг ўзига эса дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишга номзод, миллий жамоа келажагини яратадиган шахс сифатида қарашди.

«Реал» Диас учун 5 миллион евро (бонус учун яна икки миллион) тўлаб, бу борада «Рома» ва «Ливерпул»­ни ортда қолдирди. Янги мавсумда Диас «Кастилья»да синовдан ўтади, дастлабки мавсумолди йиғинни эса асосий жамоа сафида ўтказди. Айтишларича, буни Зайниддин Зиданнинг шахсан ўзи сўраган. Ёш форвард ўз техникаси ва маҳорати билан «Қироллик клуби» устозини ўзига ром этган кўринади.

 

Манба: FootballHD.ru

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz